Ўзбекистонда санитария бош врачлари ўз лавозимига 5 йил муддатга тайинланади

Ўзбекистон 17 Июль 2015 1155

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Республика санитария эпидемология хизмати фаолиятини ва уни малакали кадрлар билан таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори эълон қилинди.

Қарорда белгиланишича, иш берувчилар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар ҳамда шаҳарлар давлат санитария-эпидемология назорати марказларининг бош врачлари билан 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга меҳнат шартномаси тузади.

Бош шифокорлар 3 йилда бир марта даврийликда аттестациядан ўтиши лозимлиги белгиланган. Улар эгаллаб турган лавозимидан паст бўлмаган лавозимга янги иш жойига ўтказилиши керак.

Давлат санитария-эпидемология хизмати органлари раҳбар кадрларни танлаш, аттестациядан ўтказиш ва ротатсия қилиш бўйича республика комиссиясининг таркиби ҳам тасдиқланди. Республика комиссиясининг қарори билан янги иш жойига ўтказилганда раҳбар кадрлар хизмат турар жойи ёки ижарага олинганлиги учун компенсация тўлови билан таъминланиши назарда тутилган. Бироқ белгиланган муддатда муваффақиятли фаолият олиб бормаган раҳбар кадрларга нисбатан бу тартиб қўлланилмайди ва белгиланган муддат қисқартирилиши ҳам мумкин.

Шунингдек, давлат санитар-эпидемология назорати марказлари фаолиятининг энг муҳим йўналишлари ҳам белгиланди.

Кўпроқ янгиликлар