18-19 июль кунлари Россиянинг Тюмень шаҳрида дзюдо кураши бўйича “Улкан тож” туркумига кирувчи йирик халқаро турнир ўтказилади.

Мазкур нуфузли мусобақада 55 давлатдан келган 328 нафар спортчи (185 нафар эркак – 143 нафар аёл) икки кун давомида совринли ўринлар учун кураш олиб боради. Ушбу турнирда, шунингдек, 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари учун рейтинг очколар ҳам ўйналади.

Жумладан, ўз вазнида биринчи ўринни эгаллаган спортчи 500 рейтинг очкосига эга бўлса, кумуш медаль совриндори 300, бронза медали соҳиби эса 200 рейтинг очкосига ҳам эга бўлади.

Мазкур халқаро турнирда Ўзбекистон шарафини Ғиёсжон Бобоев (-73 кг), Соиб Қурбонов (-100 кг), Рамзиддин Саидов (-100 кг) эркаклар ўртасида ўтказиладиган мусобақаларда, Гулноза Матниёзова (-70 кг) эса хотин-қизлар ўртасидаги мусобақада ҳимоя қилади.

Маълумки, шу йилнинг август ойида Астана шаҳри (Қозоғистон)да дзюдо кураши бўйича катталар ўртасида Жаҳон чемпионати баҳслари ўтказилади. Тюмень шаҳрида ташкил этилаётган турнир Халқаро дзюдо федерацияси томонидан дунё биринчилиги олдидан ўтказилаётган сўнгги йирик халқаро мусобақа ҳисобланади.

Биринчи кун ўтказиладиган мусобақаларда эркаклар ўртасида -60, -66 ва -73 кг, хотин-қизлар орасида эса -48, -52, -57 ва -63 кг. вазн тоифаларида совриндорлар номи маълум бўлади. Иккинчи кунги баҳсларда эса эркаклар ўртасида -81, -90, -100 ва 100 кг.дан юқори вазндаги полвонлар татамига чиқишса, аёллар ўртасида -70, -78 ҳамда +78 кг. вазн тоифаларида беллашувлар ўтказилади.

Маълумот учун, халқаро дзюдо федерацияси тизимида “Улкан тож” туркумига кирувчи бешта мусобақа мавжуд бўлиб, босқичма-босқич ўтказилади. Жумладан, 2015 йилги “Улкан тож” туркумидаги мусобақаларнинг дастлабки босқичи май ойида Озарбойжонда бўлиб ўтган бўлса, иккинчи босқчи мусобақасига Тюмень шаҳри мезбонлик қилади. Учинчи босқич мусобақалари октябрь ойида Париж (Франция), тўртинчи босқич октябрь – ноябрь ойларида Абу-Даби (БАА)да ва ниҳоят якунловчи бешинчи босқчи мусобақалари декабрь ойида Япония пойтахти Токио шаҳрида ўтказилади.