Россия президенти Владимир Путин мусулмонларни Рамазон ҳайити билан табриклади. Бу борадаги табрикнома унинг расмий сайтида эълон қилинди.

Матнда айтилишича, “Муборак рўза вақти – Рамазон ойини якунлар экан, ушбу байрам чуқур маънавий мазмун, иймонни мустаҳкамлаш, янги тажриба, ахлоқий тозаланиш ва ўзини такомилга етказиш бахтини ўзи билан олиб келади”.
Россия раҳбарининг фикрича, ушбу байрам нафақат тўкин дастурхон билан, балки анънавий равишда ёрдамга муҳтожларга меҳр кўрсатиш билан нишонланади.

“Мусулмон ташкилотлари Россия ҳаётида фаол иштирок этаётгани муҳимдир. Уларнинг давлат ва жамоат структуралари билан ўзаро ҳамкорлиги ривожланиб бормоқда, хайрия, таълим ташаббусларига катта эътибор берилмоқда”, – дейилади табрикномада.
Россия бош вазири Дмитрий Медведев ҳам мусулмонларни табриклади. Россия мусулмонлари диний бошқармасига йўллаган телеграммада ҳукумат раҳбари Россия мусулмонлар конфессиялараро диалог ва алоқаларни ривожлантириш ишига ўз муносиб ҳиссасини қўшишда давом этишига умид билдирилган.

Россия муфтийлар кенгаши раҳбари Равил Ғайнутдин ҳайит намозидаги амри маъруфи чоғида барчани Украина ва Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш учун дуо қилишга чақирди.