Қирғизистон президенти ўз маъмурияти раҳбарини лавозимидан вақтинчалик четлатди

Жаҳон 17 Июль 2015 2950

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев ўз маъмурияти раҳбари Дониёр Наримбоевни вақтинчалик лавозимидан четлатиш ҳақидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда президент маъмуриятининг ахборот сиёсати бўлими маълум қилди.

“Фармонга кўра, Наримбоев Бош прокуратура томонидан парламент депутати Хожимурот Кўрқмасов ва бошқа шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноий иш бўйича тергов амалга ошириш пайтига ўз лавозимидан четлатилди”, деб айтилмоқда бўлимда. Наримбоев вақтинчалик лавозимидан четлатилиши ҳақидаги аризани ўзи топширган. У ўзининг хатти-ҳаракатини “терговнинг боришига таъсир кўрсатиш истаги” бўйича гумонлардан қочиш мақсадида қилгани билан тушунтирган.

Қирғизистонда 15 июль куни депутат Кўрқмасов 100 минг доллар пора олаётган пайтда жиноят устида қўлга олинган. Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси ва Бош прокуратура тахминига кўра, у ҳозирда тергов остида бўлган собиқ депутат ва Бишкекнинг собиқ мэри Наримон Тюлеевга маълум ҳақ эвазига у учун ижобий суд қарорига эришишни таклиф қилган. Кўрқмасов қўлга олиниши биланоқ бир қатор маҳаллий ОАВлар мамлакат ҳуқуқ-тартибот муассасаларидаги ўз манбаларига иқтибос келтирган ҳолда пора талаб қилишга Наримбоевнинг алоқадорлиги борлиги ҳақида хабар беришган.

Кўпроқ янгиликлар