Тула вилоятида полицияси оператив тадбир давомида уч ўзбекистонлик эркакнинг ўлими сабабларини аниқлади. Бу ҳақда Тула вилояти ИИБ сайтида ахборот берилди.
Илгари хабар берилганидек, 11 июль куни Ленин туманидаги Беликово қишлоғида полиэтилен пакетларига ўралган учта тана топилди. Улар ис газидан заҳарланиб ўлгани аниқланди.
Москва вилоятида яна иккита мурда топилди.
Терговнинг аниқлашича, улар қурилиш бригадасининг аъзолари бўлган. Эҳтиётсизлик туфайли келиб чиққан ўлимларни яшириш мақсадида уларнинг шериклари ёки иш берувчилари жасадларни пакетларга ўраб ташлаб кетган бўлиши мумкин.
Аниқланишича, бригада Орловск вилоятидаги қурилишлардан бирида ишлаб келган. Барча муҳожирлар ноқонуний равишда ишлаган. Улар нефть маҳсулотларини ўғирлаш учун ўтказилаётган қувур учун қазиш ишларига жалб қилинган. Туннелда ишлаш чоғида улар ис гази билан заҳарланган.
Ноқонуний бизнес ташкилотчиси бахтсиз ҳодисадан сўнг жасадларни Тулага олиб чиқиб, ташлаб кетган. Кеча унинг қўлга олинган ҳақида хабар қилинган эди.