Шотландиянинг Глазго шаҳрида сузиш бўйича паралимпиячилар ўртасида жаҳон чемпионати ўтказилмоқда. Халқаро паралимпия қўмитаси ҳамда Халқаро сузиш федерацияси шафелигида ўтказилаётган мазкур дунё биринчилигида жаҳоннинг кўплаб етакчи спортчилари ғолиблик учун баҳс юритишмоқда.


Эътиборлиси, мазкур мусобақада Ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган Дмитрий Хорлин 400 метр масофага эркин усулда сузиш бўйича бўлиб ўтган баҳсларда 4:09,36 сония натижа қайд этиб, жаҳон чемпионатининг бронза медалига сазовор бўлди. Дмитрий, шунингдек, ушбу кўрсаткич билан Осиё рекордини ҳам янгилашга муваффақ бўлди.

2012 йили Лондон шаҳри (Буюк Британия)да ўтказилган Паралимпия ўйинлари ҳамда 2014 йили Инчеон (Ж.Корея)да бўлиб ўтган Параосиё ўйинларида бир неча бор қитъа рекордини янгилаган яна бир юртдошимиз Кирилл Паньков ҳам мазкур жаҳон чемпионатида эркин ва чалқанча усулда сузиш мусобақаларида муносиб иштирок этиб, яна бир бора Осиё рекордларини янгилашга эришди. Жаҳон чемпионати 19 июлга қадар давом этади.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати.