Аргентинанинг “Бока Хуниорс” жамоаси ҳужумчиси Хонатан Кальери “Кильмес”га қарши учрашувда рабона услубида тўп киритди. 101greatgoals.com нашрининг ёзишича, ўйин 18 июлдан 19 июлга ўтар кечаси Буэнос-Айресда бўлиб ўтган.
Учрашувнинг 52-дақиқасида Кальери жарима майдонига тўп билан кириб келди. Дастлаб 21 ёшли футболчи тўпни узатмоқчи бўлди, аммо узатма ҳимоячи томонидан тўхтатилди. Тўп яна Кальерига қайтиб келди. Бу сафар у тўпни олдинга чиқиб кетган дарвозабон ва икки ҳимоячининг устидан ўтказиб, рабона услубида дарвозага жойлаб қўйди.
Учрашувни томоша қилиб ўтирган Диего Марадона Кальерини олқишлади. Учрашув “Бока Хуниорс” фойдасига 2:1 ҳисоби билан якунланди.
Рабона футболда тўп билан ишлашнинг энг қийин техникаларидан бири ҳисобланади. Унда зарба таянч оёқнинг орқаси билан берилади. Биринчи марта бундай техника 1948 йили “Эстудиантес” ҳужумчиси Рикардо Инфанте томонидан амалга оширилган эди.