АҚШлик сиёсатшунос Пол Крейг Робертснинг фикрича, АҚШ ўзининг кучларини Россия ва Хитой билан курашга қаратиш мақсадида Эрон ядровий дастури бўйича халқаро воситачилар “олтилиги” таркибида Эрон билан келишувга эришди.

АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Виктория Нуланднинг Донбассдаги можаронинг кучайиши ҳолатида АҚШнинг Россияга босимни кучайтиришга тайёрлиги ҳақидаги сўзларидан кейин Робертс АҚШ президенти Барак Обама Москва билан муносабатларда Вашингтон томонидан яратилган кескинликнинг камайишидан манфаатдор эмаслиги ҳақидаги хулосага келмоқда.

“АҚШ ва унинг ваколатли шахслари дунёнинг катта қисмида одамларни ўлдиришни давом эттирмоқдалар. Кўринишича, Обама – тинчлик одами эмас”, деб ёзмоқда сиёсий шарҳловчи Обамага тинчлик бўйича Нобель мукофоти берилганига шаъма қилиб.

“Россия ва Хитой АҚШнинг ҳаракатларини чекламоқда. Собиқ Иттифоқ тарқалгандан кейин АҚШ ўзининг сўзини ҳеч қандай қаршиликсиз ўтказишга ўрганиб қолган эди.
Бироқ Россиянинг Владимир Путин раҳбарлигида кўтарилиши ҳамда Хитой қудратининг ошиши АҚШнинг устуворлигини барбод қилди. Энди АҚШ ўзига аввалги таъсирини қайтиб олмоқчи. Бироқ АҚШ ўзининг энг яхши ҳарбий ва иқтисодий ҳолатида эмас”, деб ёзмоқда Робертс.

“Ўзининг улкан манманлигига қарамасдан, Вашингтон бирваракайига АҚШ Россия, Хитой, Эрон ва “ИШИД” билан кураша олмаслигини тушунмоқда. Бу ҳолатнинг англаб етилиши Эрон билан келишувга эришишнинг сабабларидан бири бўлди”, деб қўшимча қилмоқда сиёсатшунос.
Робертснинг таъкидлашича, Эрон билан келишув энди Теҳронга ИШИД жангариларига қарши ҳаракат қилишга имкон беради. Бунгача радикал исломчилик томонидан солинаётган хавф ва Эрон билан боғлиқ муаммолар Вашингтонга Россия ва Хитой билан курашиш учун зарур бўлган вақт, энергия ва захираларни олаётган эди.
Бундан ташқари, Эрон билан келишув АҚШ учун ноқулай бўлган, Европанинг Россиядан энергетик боғлиқлигини заифлаштиришга имкон беради.
“Вашингтон бу боғлиқликни тугатишни истайди ва қўшимча пуллар Эроннинг Европага табиий газ ва нефть етказиб берувчи давлатга айланишига ёрдам беришига умид билдирмоқда”, деб ёзмоқда Робертс.