Буюк Британия ҳукумати ва қуролли кучлари “ИШИД” билан курашиш учун кўпроқ ҳаракат қилади, деб айтди Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон.

Кэмерон АҚШга айни пайтда Сурия ва Ироқнинг анчагина қисмини эгаллаб олишга муваффақ бўлган гуруҳни йўқ қилишда ёрдам беришга ваъда бермоқда. “Биз Вашингтон билан бирга Сурия ва Ироқдаги “ИШИД” ўрнатган ҳалифаликни тўлиқ йўқ қилиш тарафдоримиз”, деб таъкидлаб ўтди Кэмерон.

Кэмероннинг айтишича, бунинг учун парламент Британия Ҳарбий-ҳаво кучларига Суриядаги жангариларнинг позицияларига зарбалар беришга расман рухсат бериши керак. Бу масала бўйича овоз бериш жараёни депутатлар таътилдан қайтгандан кейин сентябрда бўлиб ўтиши мумкин.

Британия ҳукумати 2014 йилнинг сентябрида қабул қилган ҳужжатга кўра Британия Ҳарбий-ҳаво кучларига фақатгина ИШИДнинг Ироқдаги позицияларини бомбардимон қилишга рухсат берган. Ушбу ҳужжатда ИШИДнинг Суриядаги позицияларига зарба бериш ва тўқнашувлар ҳудудига қуруқликдаги қўшинларнинг киритилиши назарда тутилмаган.