Таниқли актриса Гулчеҳра Эшонқулованинг фикрича, ҳозирги кунда Ўзбекистонда олинаётган аксарият фильмлар бир чақага арзимайди. Бу ҳақда у “Даракчи” газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Сўнгги вақтларда катта экранларга чиқаётган аксарият кинокартиналар бир чақага арзимайди. Мен истеъдодимни бундай “фильм”лар учун сарфлайдиган актриса эмасман! Анча вақтдан бери “портлаш” даражасидаги фильмнинг ўзи бўлмади. Шунинг учун ҳам Гулчеҳра Эшонқулова кинода йўқ!”, – унинг сўзларини келтиради нашр.
Шунингдек, актриса Ўзбекистон киносида Дилноза Кубаева билан биргаликда “кучли иккиталик”ни ташкил қилишини айтди:
“Кўзларини пирпиратиб, сочлари шамолда учиб турадиган қаҳрамонларни ўйнайдиган даврдан ўтдим. Бундай ролларни бошқа актрисалар ўйнай қолсин. Бош ролдан кўра, “юк”и бор, иккинчи пландаги ролни афзал биламан. Очиғи, ҳамкасбларим орасидан Дилноза Кубаева, Гулчеҳра Эшонқуловадан иборат бўлган кучли иккиталикка кира оладиганларни излагандим”.