Самарқанд шаҳрида сохта авиакасса фаолияти фош қилинди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” газетаси ёзмоқда.
Айтилишича, Фаррух Аноров исмли шахс Даҳбед кўчасида бир хонани жиҳозлаб, авиакасса ташкил қилган. Лекин мижозлардан электрон авиачипталар сотиш баҳонасида пул олиб, аслида ҳеч қандай чипталар расмийлаштирмаган. Жумладан, Обиджон Мамадалиев ва Бурхон Собировлар Тошкент-Тюмень рейсига чипта буюртма қилиб, қаллобга 352 доллардан пул беришган. Сўнг Шарофиддин Усмонов, Низомиддин Умрзоқов ва Жуманқул Норматовлар Нью-Йорк рейсларидан бири учун жами 9.5 млн сўм тўлаган.
Бир неча кундан сўнг Нилуфар Ибрагимова Самарқанд-Москва рейси учун 440 доллар, Зубайда Сувонова Тошкент-Истанбул рейси учун 1 100 доллар тўлаган.
Аммо бу фуқароларнинг барчаси алданганини билиб, тегишли ташкилотга мурожаат қилишган.
Сохта авиакасса ёпилди, унинг эгаси эса 3 йил 3 ойга озодликдан маҳрум этилди.