Сурия ҳукумати Ийд ал-Фитр байрами муносабати билан камида 350 маҳбусни озодликка чиқарди. Бу ҳақда 18 июль куни Daily Star нашри хабар берди.

Нашрнинг маълумотларига кўра, озодликка чиқарилганлар орасида аксилҳукумат намойишлари иштирокчилари ҳамда террорчилик фаолиятига алоқадорликда гумон қилиниб қўлга олинганлар кўпчиликни ташкил қилган.

Суриялик адвокат Мишель Шаммас бу маҳбуслар Дамасқдан 40 км узоқликдаги Адра қамоқхонасидан озодликка чиқарилганларини айтган. Уларнинг барчаси ўтган йилги президентлик сайловларидан кейин эълон қилинган умумий амнистия таъсири остига тушганлар.

Суриянинг Миллий келишув масалалари бўйича вазири Али Ҳайдарнинг тушунтиришича, бу амнистия биринчи марта 2012 йилда қабул қилинган аксилтеррорчилик қонуни билан айбланган шахсларга нисбатан қўлланган.

2014 йил 16 июлда Сурия президенти Башар Асад давлат раҳбари сифатида учинчи етти йиллик муддатга Дамасқда қасамёд келтирди. Асад Сурия тарихидаги биринчи сайловларда 88,7 фоиз сайловчиларнинг овозини олган.