Тошкент шаҳри Юнусобод туманида истиқомат қилувчи, нон ёпиш ва сотиш билан шуғулланиб келган Малика Алламбердиева ва Тўлқин Эргашевлар Камолиддин исмли дўкондорни алдаб, 400 қопнинг пулини бермаганликда айбланиб, жазоланди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” газетаси хабар бермоқда.
Алламбердиева Камолиддинга 100 қоп ун буюртма қилган, аммо пулини кейин беришини айтган. Камолиддин Ўрикзор бозоридан 71.1 минг сўмдан керакли миқдорда ун олиб, уни мижозга 75 минг сўмдан сотган. Алламбердиева пулларни келишилган вақтда етказган.
Орадан бирмунча вақт ўтиб, Алламбердиева Камолиддинга яна 200 қоп ун буюртма қилган. Дўкондор уннинг қопини 76.5 минг сўмдан сотиб олиб, мижозга етказган ва 78 минг сўм нархга келишган.
Аммо новвой аёл узоқ муддат пулни қайтармаган. Бир куни у Камолиддинни Тўлқин Эргашев билан таништирган. Бунда у Эргашевни “тутинган укам” деб таништирган.
Эргашев Камолиддиндан яна 200 қоп ун олган, аммо бу сафар ҳам пуллар вақтида берилмаган.
Шунда Камолиддин тегишли ташкилотларга мурожаат қилган. Қаллоблар қўлга олиниб, жавобгарликка тортилган. Етказилган моддий зарарнинг бир қисми ундириб берилган.