Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 июлда имзоланган “Қарши шаҳрининг йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш ва қурилишининг истиқболли режаси Дастури тўғрисида”ги ПҚ-2010-сонли Қарори ижроси юзасидан “Қарши-Шаҳрисабз” йўналиши бўйича 127 км узунликдаги автомобиль йўли тўлиқ таъмирланиб, цемент-бетон қопламали йўлга айлантирилмоқда.

Гап шундаки, воҳадаги икки қадимий шаҳарни боғлаб турган – 4Р-79 автомобил йўлининг Қарши шаҳридан чиқувчи 0-10 км лари ҳамда ушбу йўналишдаги - М-39 автомобиль йўлининг Шаҳрисабз шаҳрига кираверишдаги 1174-1185 км лари оралиғида реконструкция ишлари амалга оширилмоқда.

Компаниянинг Автомобиль йўлларидан фойдаланиш ва техник ҳолатини таҳлил қилиш бошқармаси бошлиғи Нодир Ҳусановнинг хабар беришича, қурилиш ишлари “Ўзавтойўл” ДАК тизимидаги Автомагистрал бирлашмаси кўприк қурилиш участкаси ҳамда “Тошкенткўприк” корхоналари томонидан амалга оширилмоқда.

“Ушбу автомобиль йўлларининг бир томонлама қисми, яъни икки тасмаси Мустақиллигимизнинг 24 йиллик байрами арафасида тўлиқ фойдаланишга топширилиши мўлжалланмоқда”, - дея таъкидлади Н.Ҳусанов.

Мазкур йўлнинг фойдаланишга топширилиши юртимизнинг жанубий ҳудудларида яшовчи аҳоли учун қўшимча қулайлик яратиш баробарида, улар учун унутилмас байрам совғаси бўлиши шубҳасиз.