Ўтган жума куни АҚШнинг Чаттануга шаҳрида ўт очган, “Теннесилик ўқчи” лақабини олган Муҳаммад Юзеф Абдулазиз интернетдан сотиб олинган қурол-яроғ жамланмасига эга бўлган. Бу ҳақда The Wall Street Journal газетасининг электрон версия орқали хабар қилинди.
Унинг дўсти Чарльз Жонс Абдулазиз болалигидаёқ пневматик қуролдан отишни ўрганганини маълум қилди. Вояга етгач, у интернет орқали, Жонснинг сўзларига кўра, “бутун бошли қуролхона”ни сотиб олган.
Унинг “қуролхона”сида АК-47 автомати, AR-15 автоматик соймилтиғи, Сайга-12 ўзи ўқланадиган милтиғи ва бир қанча тўппонча бўлган. У барча қуролларни ўз хонасида сақлаган. Ота-онаси бунга қаршилик кўрсатган, аммо фарзандларига таъсир қила олмаган.
Жонснинг эътироф этишича, Абдулазиз марихуана чекиш билан бирга, турли антидепрессантлар ва уйқу дорилари ичиб борган. Унга психолог ёрдами кераклигини билган ота-онаси бунинг учун пул топа олмаган.
Эслатиб ўтамиз, 16 июль куни 24 ёшли, асли қувайтлик Муҳаммад Юзеф Абдулазиз ўз автомобилида ҳарбий денгиз кучлари мажмуасига яқинлашиб, уни автоматдан ўққа тутган эди. Яна бир неча км йўл босиб ўтгач, у денгиз кучларининг машғулот марказини ҳам ўққа тутиб, сўнг кўздан ғойиб бўлган. Кейинроқ у полиция ходимлари томонидан отиб ўлдирилди.
Ҳужум пайтда Абдулазиз 4 нафар денгиз пиёдасини отиб ўлдирди, яна 3 кишини – полициячини, денгизчини ва денгиз пиёдасини яралади.
ФҚБ вакили Эд Райнхолд Абдулазизнинг бирор-бир террорчи гуруҳ билан алоқаси аниқланмаганини эътироф этди.