1966 йилдан бошлаб ҳар йили бутун дунё миқёсида Халқаро шахмат куни нишонланади. Ушбу байрам Бутунжаҳон шахмат федерацияси (ФИДЕ) қарорига биноан ўтказилади.
Халқаро нодавлат спорт ташкилоти бўлган Бутунжаҳон шахмат федерациясига 1924 йилда асос солинган. Бугунги кунда 170 миллий федерация унинг аъзоси ҳисобланади. ФИДЕ ҳомийлиги остида ҳар йили ёшлар, эркаклар, аёллар ва кексаларга мўлжалланган 40дан ортиқ мусобақа ўтказиб келинади.
Шахмат ўйини Ўзбекистон учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Мамлакат ҳудудида қадимдан шахмат севимли ўйинлардан бири ҳисоблаб келинган. Сурхондарё ва Самарқанддан қарийб икки минг йиллик тарихга эга шахмат тошлари топилган. Ўрта асрларда ҳам кўплаб машҳур тарихий шахслар шахмат ўйнаб келган.
Бугунги кунга келиб эса ўзбекистонлик шахматчилар халқаро миқёсдаги тадбирларда иштирок этиб келмоқда. Эркаклар терма жамоасининг халқаро дебюти 1992 йили Манилада ўтказилган шахмат Олимпиадасига тўғри келди. Ўшанда улар кумуш медалларга сазовор бўлган эдилар.
1996 йилдан буён мамлакатда шахмат федерацияси фаолият юритмоқда. Бугунги кунда унинг аъзолари сони 1 700га етди. Улардан 14 нафари халқаро гроссмейстер унвонига эга бўлишди. Нафиса Мўминова Ўзбекистон тарихидаги биринчи аёл гроссмейстерга айланди.
Ўзбекистон шахматининг энг ёрқин ғалабаси 2004 йилга тўғри келади – ўшанда Рустам Қосимжонов ФИДЕ версияси бўйича жаҳон чемпионлигини қўлга киритган эди. 18 ёшда халқаро гроссмейстерга айланган Қосимжонов бугунги кунда жаҳоннинг 50 нафар энг кучли шахматчилари қаторига киради.