Ўзбекистоннинг Ucell мобил оператори 2015 йилнинг биринчи ярмида 2.144 млрд швед кронаси (250.53 млн доллар) миқдорида соф тушум олди. Ўсиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27.2 фоизни ташкил этди.

Иккинчи чоракда компаниянинг соф тушуми 1.112 млрд кронани ёки 130.093 млн долларни ташкил қилди. Бу 2014 йил шу давридаги кўрсаткичдан 23.6 фоизга кўпроқдир.
EBITDA (солиқлар, фоизлар, эскириш ва амортизация тўловларидан илгариги даромад) кўрсаткичи биринчи ярим йилликда 27.2 фоизга ўсиб, 1.142 млрд кронани (133.578 млн доллар) ташкил қилди, иккинчи чоракда эса 23.1 фоизлик ўсишни намойиш қилиб, 670 млн кронани (70.988 млн доллар) ташкил қилди.

Ucell’нинг абонентлик базаси 8.518 млн кишини ташкил қилган. Бу ўтган йилнинг биринчи ярмига нисбатан 1.3 фоизга кўпроқдир – ўтган йили бу кўрсаткчи 8.41 млн абонентга тенг эди.
MOU (бир ойда битта абонент фойдаланган дақиқаларнинг ўртача миқдори) кўрсаткичи биринчи чорак якунларига кўра 314 дақиқани ташкил қилди, 2014 йили бу кўрсаткич 310 дақиқага тенг эди.