Якшанба куни Аргентина пойтахт шаҳар ҳокимлиги учун бўлиб ўтган сайловларда мухолиф “Республикачи таклифи” консерватив партияси вакили ғалаба қозонди. ТАСС агентлигининг хабар беришича, ғалаба сайловларнинг иккинчи турида қўлга киритилган.
98.16 фоиз бюллетенлар ўрганиб чиқилгач, Буэнос-Айрес ҳокимияти вазирлар маҳкамасининг амалдаги раиси Орасио Родригес Ларрета 51.62 фоиз сайловчиларнинг қўллаб-қувватлашига эга бўлди. Унинг рақиби, ЭКО сиёсий блоки вакили, собиқ иқтисодиёт вазири Мартин Лусто 48.38 фоиз овоз олди. Ҳукмрон “Ғалаба жабҳаси” перонистик ҳаракати номзоди, “Аэролинеас Архентинас” давлат компанияси президенти Мариано Рекальде етарли овоз ололмагани учун иккинчи турга ўтмади. Шу тариқа, иккинчи турда қолган икки номзод ҳам мухолиф кучлар вакиллари эди.
Кузатувчиларнинг фикрича, Ларретанинг ғалабаси лавозимни унга бўшатиб бераётган ҳоким Маурисио Макрига қўл келади – у 25 октябрь куни ўтадиган президентлик сайловларида иштирок эта олади. Унинг асосий рақиби ҳукмрон партия вакили, Буэнос-Айрес вилояти ҳокими, собиқ президент ўринбосари Даниэль Сциолидир.