Дональд Трамп сенатор Маккейнни ҳақорат қилгани учун узр сўрашдан бош тортмоқда

Жаҳон 20 Июль 2015 2844

Эрон билан келишувга эришилгани ҳақидаги янгиликдан кейин АҚШ президенти лавозими учун кураш олиб бораётган миллиардер Дональд Трампнинг навбатдаги қилиғи энг “қайноқ” янгиликлардан бирига айланди. 19 июль куни Трамп Вьетнамдаги уруш фахрийси, сенатор Жон Маккейндан уни ҳақорат қилгани узр сўрашдан бош тортди.

Трамп сайловчилар билан учрашувлардан бирида Маккейн Вьетнамдаги уруш пайтида асирга тушгани учун уни уруш қаҳрамони деб ҳисобламаслигини айтган. “Асирга тушган одамларни қаҳрамон деб ҳисобламайман”, деб айтди Трамп ўз партиядоши ҳақида. Трамп ҳарбий учувчи бўлиб хизмат қилган, Вьетнамда уриб туширилиб, узоқ вақт давомида асирда сақланган Маккейн олдида ўзини айбдор деб ҳисобламаслигини айтган. АВС телекомпаниясининг “Маккейндан кечирим сўрашни истармидингиз?” деган саволига дангалчи тадбиркор “Мутлақо йўқ” деб жавоб берди.

Бундан ташқари, Трамп Маккейн қуролли кучлар масалалари бўйича сенат қўмитасининг раиси бўлган пайтда америкалик уруш фахрийларининг турмушларини яхшилаш учун ҳеч нарса қилмагани учун ҳам уни танқид остига олди. “Жон Маккейн муваффақиятсизликка учради. Агар мен президент бўлсам, Маккейн фахрийларга кўп йиллар давомида қилган ишлардан кўра кўпроқ иш қиламан”, деб айтди Трамп.

19 июль куни Республикачилар партиясида миллиардерни сайлов пойгасидан чиқариб юборишга ундовлар билдирилди. Бунга жавобан Трампнинг сайловолди кампанияси вакили Кори Левандовски “Дональд Трамп умуммиллий сўровларда биринчи ўринни эгалламоқда” деб айтди.

Трамп ҳақиқатдан ҳам АҚШ президенти лавозимига республикачи номзодлар орасида энг катта машҳурликка эга бўлмоқда.

Кўпроқ янгиликлар