ФИФАнинг янги президентини аниқлаш учун навбатдан ташқари сайлов 2016 йилнинг 26 февралида бўлиб ўтади. Бу ҳақда бугун, 20 июль куни Цюрих шаҳрида ўтказилган ФИФАнинг навбатдан ташқари йиғилиши вақтида маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 29 май кунида Йозеф Блаттер ташкилот раҳбарлигига бешинчи марта сайланганди. Лекин шу вақтда ФИФА тизимидаги порахўрлик ва пул ювиш билан боғлиқ можаролар келиб чиқиб, ташкилотнинг 7 нафар амалдори ҳибсга олинди. Шундан сўнг, 2 июнь куни Блаттер ўз лавозимини муддатидан олдин тарк этишини эълон қилганди.

Бундан олдинроқ, ФИФАнинг янги президентини сайлаш учун 2015 йилнинг декабрида сайловлар ўтиши ҳақида хабар қилинаётганди.

Қайд этиш жоиз, ФИФАнинг янги президентлиги учун Иордания шаҳзодаси Али ҳамда бразилиялик мутахассис Зико ўз номзодларини кўрсатишган. Ғолиб бўлиш учун энг кўп имкониятга эга шахс сифатида эса УЕФАнинг амалдаги президенти Мишель Платини номи тилга олинмоқда. У ўз ўрнини Германия Футбол иттифоқи раҳбари Вольфганг Нирсбахга қолдириб, 15 кун ичида ўз номзоди ҳақида эълон қилиши кутилмоқда. Платинини 6та конфедерациянинг 4тасида тўла қўллаб-қувватлашлари ҳақида айтилган.