Тошкентда олтиариқлик ака-укалардан лизинг баҳонасида 82 млн сўм олган фирибгар судланди. Бу ҳақда ИИВ тергов бош бошқармаси хабар бермоқда.
Айтилишича, олтиариқлик ака-ука Шоҳрух ва Ҳамидулло ресторан сотиб олиб, уни ишлатиш учун 400 млн сўм кредит олишган. Аммо бу пул камлик қилган.
Шунда улар Тошкентда жойлашган “Миллениум лизинг” МЧЖ раҳбари Садриддинга мурожаат қилишган. Садриддин уларга 1 млрд сўм лизингга олиб беришга ваъда қилиб, бунинг учун пулнинг 6 фоизини олдиндан бериб қўйишни талаб қилган. Ака-укалар унга 82 млн сўмни 7 100 долларга ҳисоблаб етказиб беришган. Бир неча кундан сўнг Садриддин ўзини банк ходими деб таништирган Жасур исмли йигит билан Олтиариққа бориб, ресторанни суратга олиб кетган. Аммо шундан сўнг Шоҳруҳ ва Ҳамидуллолар фирибгарларни бошқа топа олмаган.
Анча вақтдан сўнг улар тегишли идорага мурожаат қилишган. Қаллоблар қўлга олиниб, судга тортилган.