Грузия ички ишлар вазири Вахтанг Гомелаури Давлат хавфсизлик хизматининг раҳбарлиги учун номзод сифатида таништирилди. Бу ҳақда РИА «Новости» агентлиги хабар тарқатмоқда.

Мазкур янгилик тўғрисидаги баёнотни Грузия Бош вазири Ираклий Гарибашвили душанба куни бўлиб ўтган брифинг чоғида эълон қилган. Энди мамлакат парламенти Гомелаури Хизмат бошлиғи лавозимига 6 йиллик муддат учун тасдиқлашлари керак бўлади.

Грузия президенти Георгий Маргвелашвили ўтган ҳафтада Давлат хавфсизлик хизматини ИИВдан ажратиш бўйича қонун лойиҳасини имзолаганди. Хавфсизлик хизмати жорий йилнинг 1 августидан мустақил ташкилот сифатида фаолият олиб боради.