АҚШ Одесса милициясининг янги ходимларини тайёрлаш ва коррупцияга қарши курашни молиялаштиради. Тегишли меморандум АҚШ Давлат департаменти котиби ўринбосари Уильям Браунфилд ва Одесса губернатори Михаил Саакашвили томонидан имзоланди, деб хабар бермоқда “Сегодня.ua” портали.

Саакашвилининг журналистларга айтишича, Одесса вилоятида коррупцияга қарши кураш бўйича махсус гуруҳ шакллантирилади. Бу гуруҳга АҚШ Давлат департаменти ёрдам бериб туради. Одесса вилояти губернатори милиция ходимларини тайёрлашда ёрдам бериш мақсадида Калифорния штатидан Одессага полициячилар келганини қўшимча қилиб ўтди.

Браунфилд, ўз навбатида, АҚШ Украинанинг янги милициясини яратишда техник жиҳозлаш, инструкторлар ёрдами, ходимларни танлашнинг янги тизимини яратишда умумий миқдори 15 млн долларни ташкил қилувчи ёрдам берганини айтиб ўтди..

Аввалроқ АҚШ Одессага 100 та ҳарбий “Хаммер” автомобили етказиб бергани маълум қилинганди.