Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган йиғилишда 2009 йил 30 сентябрда қабул қилинган “Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонун талабларининг Қашқадарё ҳамда Наманган вилоятларидаги ижроси таҳлил қилинди. Бу ҳақда “Жамият” газетаси ёзмоқда.
Йиғилиш давомида маълум қилинишича, 2014 йили “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ҳажми 55.4 млрд кВт/соатни ташкил этди. Жами 5.9 млн истеъмолчига 43.2 млрд кВт/соат электр энергияси етказиб берилди.
Эришилган ютуқлар билан бир қаторда, камчиликлар ҳам танқид остига олинди. Жумладан, саноат концентрациялашган ҳудудлар ва шаҳарларга нисбатан туман, қишлоқ жойларида электр энергияси таъминотидаги бир кунлик узилиш ҳолати кун давомида баъзан 18-20 соатни ташкил этмоқда ва бу истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Шу билан бирга, бундай ҳолатларга кўп жиҳатдан аҳоли орасида қарздорликнинг кўпайиб кетиши ҳам сабаб бўлмоқда. Умуман, мазкур тизимда қарздорлик жиддий тус олмоқда. Жорий йилнинг биринчи чораги натижаларига кўра, Наманган вилоятида 217.883 млрд сўм, Қашқадарё вилоятида 317.824 млрд сўм қарздорлик қайд этилган.