Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Петер Буриан бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташриф доирасида Олий Мажлиснинг Қонунчилик Палатаси ва Сенатида, вазирлик ва идораларда, инсон ҳуқуқлари миллий марказида бир қатор учрашувлар ўтказилди.
Қонунчилик Палатаси спикери Н. Исмоилов билан учрашувда мамлакат ЕИ билан ҳар томонлама алоқаларни мунтазам ва узлуксиз равишда ривожлантириб бораётгани, иқтисодий ҳамда ижтимоий-сиёсий соҳалардаги ҳамкорликнинг истиқболлари баландлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Парламентлараро ҳамкорлик икки томонлама алоқаларнинг энг истиқболли йўналишларидан бири ҳисобланмоқда. Бу йўналишни янада ривожлантириш мақсадида “Ўзбекистон-ЕИ” парламент ҳамкорлиги қўмитаси ташкил этилди.
Шунингдек, ЕИ Ўзбекистон билан сиёсий диалогни мустаҳкамлаш масаласига жиддий эътибор бераётгани таъкидланди. Хусусан, Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш, у ерда қайта тиклаш ишларини олиб боришда Ўзбекистоннинг ўрни беқиёсдир.
“Ўзбекистон” ахборот агентлигининг хабар беришича, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказда ўтказилган учрашув чоғида мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга устувор ва энг истиқболли йўналиш сифатида қаралаётгани алоҳида қайд қилиб ўтилди. Бу соҳани ривожлантириш учун бир қатор халқаро ташкилотлар, шу жумладан, ЕИ билан ҳам кенг миқёсли ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.