Россиянинг Калининград вилоятида қурилиш ишлари буюртмачиси ишчилардан бирини ўлдиргани учун қаттиқ тартибдаги колонияда жазони ўташ шарти билан 9 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда вилоят прокуратура матбуот хизмати 20 июлда маълум қилди.

Суднинг аниқлашича, 2014 йил августда Прибрежное посёлкаси ёнидаги йўлда 36 ёшли калининградлик Андрей Стукачёв ва унинг уйи қурилишини олиб бораётган Ўзбекистоннинг 5 нафар фуқароси билан иш шароитлари борасида келишмовчилик юзага келган. Баҳс давомида буюртмачи ўзининг автомобилидан ов милтиғини олиб, ўзига яқин турган ишчилардан бирига қарата ўқ узган.

Стукачёв дастлаб йўл қопламасига, кейин ишчининг қорин соҳасини нишонга олиб ўқ узган. Ўзбекистонлик олинган жароҳатлардан шифохонага олиб кетилаётганда йўлда вафот этган.