АҚШнинг McDonald's компаниясининг сара ресторани 27 июль куни Токиода фақатгина бир кечага очилади, деб хабар бермоқда The Daily Mail нашри. Бундан мақсад McDonald's’нинг Япониядаги имижини яхшилашдан иборат.

Restaurant M деб номланган ушбу ресторанга ташриф буюрувчиларга бир нечта таом таклиф этилади. Хусусан, меҳмонлар картошка фридан тайёрланган вишисуаз шўрваси, сабзавотлардан тайёрланган желе ҳамда Fresh Mac бургери ва қаҳва билан ширинликлар тановул қилиб кўришлари мумкин бўлади.

Таомлар сопол идишда кумушдан ишланган ошхона анжомлари билан тортиқ қилиниши мўлжалланмоқда.

Ресторанга ҳар бири 20 кишидан иборат 10 та гуруҳ ташриф буюриши мумкин. Ресторандаги жойлар лотерея ўйнаш орқали тақсимланган, ғолиблар номлари эълон қилинган.

Аввалроқ Оқ уйнинг собиқ матбуот котиби Роберт Гиббс McDonald's’нинг алоқалар бўйича раҳбари бўлиши маълум қилинганди. Гиббсга давлат тузилмалари ва жамоатчилик билан алоқаларга жавоб бериш вазифа юкланган, унинг асосий мақсади McDonald's’нинг имижини яхшилашдан иборат.