Жорий йилнинг 24-27 июль кунларида Бельгиянинг Либрамон шаҳрида анъанавий “Libramont-2015” халқаро қишлоқ хўжалиги ва паррандачилик маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтади.

Европадаги энг йирик анжуманлардан бири ҳисобланадиган мазкур кўргазмада қишлоқ ва ўрмончилик хўжалиги, чорвачилик соҳасига ихтисослаштирилган етакчи компаниялар томонидан ишлаб чиқарилган ранг-баранг маҳсулотлар, технология ва асбоб-ускуналар дунёнинг турли мамлакатларидан келган харидорларнинг эътиборига ҳавола қилинади.

Кўргазма ҳар йили муайян соҳага бағишланади. Жорий йилда саксон биринчи маротаба ўтказиладиган ушбу халқаро тадбирда Бельгия ва Европанинг 1800 етакчи фермерлари - чорвадорлар ва қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчилари 80 минг квадрат метр саҳнда ўз маҳсулотларини намойиш қилишади. Ташкилотчиларнинг маълумотларига кўра, ҳар йили 200 минг нафардан зиёд киши, шу жумладан, халқаро делегацияларнинг 4 минг нафар аъзоси мазкур кўргазма иши билан танишади.

“Libramont” доирасида симпозиумлар, семинарлар, анжуман ва бошқа тадбирлар ўтказилиши ҳам анъанага айланган. Уларда соҳа экспертлари, етакчи концернлар, компанияларнинг топ-менежерлари ҳамда қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик бошқаруви идораларининг раҳбарлари иштирок этишади.

Ушбу нуфузли ярмарка ишида қарийб 20 фермерлик хўжаликларининг раҳбарлари ва вакилларидан иборат бўлган Ўзбекистон фермерлари делегацияси ҳам қатнашади. Ўз-ўзидан аёнки, асосий эътибор намойиш этилаётган маҳсулотлар билан танишишга, қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожи учун замонавий технологияларни жалб қилиш имконини берувчи узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш билан боғлиқ масалаларга қаратилади.