2015 йилнинг 20-26 июль кунлари Германиянинг Галле шаҳрида «Maritim Hotel» саройида анъанавий «Кимёгарлар кубоги» 42-халқаро турнири бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон Бокс федерацияси ахборот хизмати хабар тарқатди.

Мазкур турнирда 15та давлатдан — Россия, Украина, Ўзбекистон, Франция, Венгрия, Корея, Мўғулистон, Польша, Дания, Чехия, Австрия, Финляндия, Голландия, Швейцария ва Германиядан — 95 нафар боксчи иштирок этади. Турнир AIBA қоидалари асосида 10 та вазн тоифасида бўлиб ўтади.

Бу йилги турнирда Ўзбекистон терма жамоаси шарафини: Ҳасанбой Дўсматов (49 кг.гача вазн тоифасида), Аброржон Қодиров (-52 кг), Муроджон Аҳмадалиев (-56 кг), Бургут Хожибоев (-60 кг), Шаҳрам Илёсов (-64 кг), Исроил Мадримов (-69 кг), Улуғбек Ҳақбердиев (-75 кг), Зуҳриддин Маҳкамов (-81 кг), Рустам Тулаганов (-91 кг) ва Баҳодир Жалолов (+91 кг) ҳимоя қилишади.

Рустам Саидов терма жамоа бош мураббийи сифатида турнирга йўл олади. Шунингдек мураббийлар штабиданТўлқин Қиличев ва Абдували Шомирзаев ўрин олишган.