Toshiba Corp. президенти Хисао Танака ҳамда компания вице-президентлари Норио Сасаки ва Атсутоши Нишида ташкилот ҳисоботларида фирибгарлик қилингани билан боғлиқ можаролар ҳақида маълумотлар ошкор қилинганидан кейин истеъфога чиқди. Бу ҳақда Kyodo News хабар берган.

Мустақил текширув хулосаларига кўра, Toshiba компанияси сўнгги 6 йил давомида ошириб кўрсатган даромад миқдори 158 млрд иенни (1,2 млрд доллар) ташкил қилган. Текширувчиларнинг қайд этишича, компания раҳбарлари шу 6 йил мобайнида айрим бўлинмалар ва шўъба корхоналарга бажариб бўлмас даражадаги молиявий режалар талабини қўйган. Натижада, бу талаблар ҳисоботлардаги кўзбўямачиликларга сабаб бўлган.

Маълум қилинишича, Хисао Танаканинг ўрнини сентябрь ойидан бошлаб директорлар кенгаши раиси Масаси Муромати эгаллайди.