Тошкент шаҳар ҳокимлиги, мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида «Коммунал хизмат ва ободонлаштириш ҳамда санитария ва ветеринария қоидаларини, шунингдек, шаҳарсозлик ва паспорт тизимига оид қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни таъминлашда назорат органлари ва бошқа мутасадди идораларнинг масъулиятини янада ошириш тўғрисида»ги 107-ф-сонли қўшма фармойиш қабул қилинди. Бу ҳақда ҳокимликнинг сайти орқали хабар қилинди.

Ҳужжатда масъул идора ходимларининг шаҳар ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ҳамда санитар аҳволини яхшилаш борасида тегишли чораларни жонлантириши, туман ҳокимликлари томонидан бу борада мунтазам мониторинглар ўтказиб борилиши лозимлиги қайд этилди.

Давлат солиқ инспекциясига фуқаролар ўртасида бинони, иншоотни, турар ёки нотурар жойни (офисни) ижарага беришнинг барча ҳолатларида белгиланган тартибда шартномаларнинг тузилиши ва давлат бюджетига солиқларнинг тўланишини таъминлаш, Давлат солиқ идоралари ходимларига фуқаролар ўртасида бинони, иншоотни ёки уларнинг бир қисмини, турар жойни ижарага бериш шартномасининг мавжуд эмаслиги ёхуд ижарага бериш шартномасининг мажбурий нотариал тасдиқланишига риоя қилмаслик бўйича ҳуқуқбузарларга нисбатан қатъиятлилик билан кескин чоралар кўриб, бу борада ИИБ ва маҳалла фуқаролар йиғини билан ҳамкорликдаги ишларни кучайтириш вазифаси топширилди.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаси, ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари ҳамда ҳудудий тузилмалари раҳбарларининг эътибори якка тартибдаги уй-жой массивларида фуқаролар томонидан амалдаги ва лойиҳадаги йўллар устини, муҳандислик иншоотларининг муҳофаза ҳудудларини, уй-жойлар атрофидаги бўш ер майдонларини ўзбошимча эгаллаш ҳолатларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишга қаратилган ишларда ходимларнинг масъулиятини янада оширишга қаратилди.

Шаҳар давлат архитектура назорати инспекциясига шаҳарсозлик фаолиятининг барча субъектлари томонидан архитектура-шаҳарсозлик меъёрлари, қоидалари ҳамда стандартлари аҳоли ҳаёт ва фаолият муҳити сифатининг асосий кўрсаткичларини, ижтимоий-иқтисодий, табиий-иқлимий ва бошқа шароитларни ҳисобга олган ҳолда ҳудудларни шаҳарсозлик жиҳатидан ўзлаштириш ва бошқа талабларнинг сўзсиз ижро этилиши юзасидан тегишли назоратни кучайтириш, қонун ҳужжатларини бузган шахсларга нисбатан қонуний чора кўриб борилишини таъминлаш вазифалари юкланди.
“Ўздавнефтгазинспекция” ҳамда “Ўздавэнергоназорат” инспекциясининг Тошкент шаҳар бўлими, шунингдек, барча туман газ фойдаланиш хизматлари ва электр таъминоти корхоналари раҳбарларига умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш, шунингдек, электр, иссиқлик энергияси, табиий газни ҳисобга олиш асбобларига қасддан шикаст етказиш каби ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган профилактик ишларни олиб бориш юкланди.

Туман “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раисларига ҳудудда тозалик ва озодаликни сақлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини янада яхшилаш ҳамда аҳолининг бу борадаги ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга қаратилган профилактик чоралар кўриб бориш, аҳолининг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилган ишларни жадаллаштириб, маҳалла ҳудудида паспорт тизимига риоя қилиш, уй-жойларни ноқонуний ижарага бериш ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши юзасидан тарғибот ишларининг янада кучайтирилиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Туман ҳокимлари ва туман прокурорларига тумандаги масъул назорат-текширув идораларининг маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлари юзасидан доимий мониторинг олиб бориб, уларга бириктирилган ҳудуднинг санитария аҳволи ва ободонлаштириш ҳолатини инобатга олган ҳолда улар фаолиятига баҳо бериб борилиши, ҳудуддаги назорат-текширув органлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши ва фармойишда белгиланган вазифаларнинг бажарилиши устидан қатъий назорат ўрнатилиб, бу борадаги ишлар юзасидан мунтазам равишда таҳлиллар ўтказилиши таъкидланди.