Туркиянинг Шонлиурфа вилояти Суруч уездида содир этилган, 31 кишини ҳаётдан олиб кетган терактни амалга оширган аёл бир ой муқаддам Суриядан мамлакатга кириб келгани аниқланди. Маҳаллий телевидениенинг хабар беришича, илгарироқ полиция Суриядан қўпорувчилик ҳаракатлари содир этиш учун кириб келган уч нафар аёл ҳақида маълумот олган эди.
Жиноятда гумон қилинаётган аёлнинг суратлари ва видеотасвирлари полициянинг барча бошқармаларига юборилди.
Эслатиб ўтамиз, Амара маданий маркази биноси киришидаги портлаш натижасида бу ерда яшаётган ёш социалистлар жамиятлари федерациясининг 300 вакилидан 31 нафари ҳалок бўлди. Уларнинг бари Суриянинг Кобани шаҳрига бориб, маҳаллий аҳолига бинолар ва инфраструктурани тиклашга ёрдам беришга тайёрланаётган эди.