Туркиянинг тегишли ташкилотлари Шонлиурфа вилоятининг Суруч шаҳрида 31 кишини ҳаётдан олиб кетган қўпорувчилик ҳаракатини амалга оширган террорчининг шахсини аниқлади. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Аҳмад Довудўғли баёнот берди.
Эслатиб ўтамиз, Амара маданий маркази биноси киришидаги портлаш натижасида бу ерда яшаётган ёш социалистлар жамиятлари федерациясининг 300 вакилидан 31 нафари ҳалок бўлди. Уларнинг бари Суриянинг Кобани шаҳрига бориб, маҳаллий аҳолига бинолар ва инфраструктурани тиклашга ёрдам беришга тайёрланаётган эди.