Туркиядаги теракт қурбонлари сони 30 кишига етди

Жаҳон 21 Июль 2015 3541

20 июль куни Туркиянинг жануби-шарқида, Сурия билан чегараси ёнида содир бўлган кучли портлаш оқибатида камида 30 киши ҳалок бўлди.

Полиция маълумотларига кўра, Шонлиурф вилояти Суруч уездида жойлашган Амар маданият марказига кираверишда 18 ёшли террорчи-худкуш қиз портловчи қурилмани ҳаракатга келтирган. Бу ерда социалист ёшлар жамияти федерациясининг 300га яқин ёш вакиллари яшаган.

Hurriet газетасининг хабар беришича, портлаш федерациянинг талабалари бир неча ойлар давомида “ИШИД” террорчилик гуруҳи назоратида бўлган Суриядаги Кобани шаҳрини тиклагани у ерга боришни режалаштираётганлари ҳақида матбуотга эълон қилмоқчи бўлганларида содир этилган.

Ҳозирча ҳеч қайси бир террорчилик гуруҳи ушбу теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади. Бироқ ҳуқуқ-тартибот муассасалари ушбу теракт ортида ИШИД жангарилари турганини айтишмоқда.

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳалок бўлганлар оилаларига ва жароҳат олганларга ўз таъзиясини билдирди. “Террорчиликнинг дини ҳам, давлати ҳам, миллати ҳам бўлмайди. У қаердан келмасин, ҳар доим лаънатланади. Бутун дунё бу ёвузлик билан курашиши керак. Суручда ҳалок бўлганларга таъзия билдираман ва жароҳатланганларнинг тезроқ тузалиб кетишларини тилаб қоламан”, деб айтди Эрдўған.

Кўпроқ янгиликлар