Бокс бўйича супер оғир вазн тоифасининг учта йўналиши чемпиони украиналик Владимир Кличко Германиянинг RTL телеканали билан шартномасини узайтирди. Бу ҳақда DRA агентлиги канал раҳбарияти берган маълумотларга таяниб хабар бермоқда.

Келишув 2016 йил сўнггига қадар амал қилади ва бешта Кличко жангини ўз ичига олади. Шартноманинг молиявий шартлари ошкор қилинмаяпти.

ОАВларда ёзилишича, ҳозирда амалда бўлган шартнома ҳам бешта жангга тузилганди ва ҳар бир жанг учун украиналик боксчи 3 млн евро миқдорда мукофот пули олиб келган.

Кличконинг навбатдаги жанги британиялик Тайсон Фьюрига қарши 2015 йилнинг 24 октябрда Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида бўлиб ўтади. Украиналик боксчи жангда WBO, WBA, IBF йўналишлари камарини ҳимоя қилади.