АҚШнинг Citigroup корпорацияси кредит карталари билан ишлашдаги қоидабузарликлар учун 770 млн доллар жарима тўлайди

Иқтисодиёт 22 Июль 2015 920

АҚШнинг Citigroup молиявий корпорацияси АҚШнинг тартибга солувчи муассасалари талабига кўра ўз ходимлари томонидан кредит карталари билан ишлашда йўл қўйилган қоидабузарликлар учун 770 млн доллар жарима тўлашга рози бўлди. Бу ҳақда 21 июль куни Citigroup ва тартибга солувчи муассасанинг расмий вакиллари маълум қилишди.

Қайд этилишича, Citigroup нинг аввалги ва ҳозирги 8,8 млн мижози компенсация сифатида 700 млн доллар олади. Яна 70 млн долларни АҚШ ҳукумати жарима сифатида олади.

Регуляторларнинг маълумотларига кўра, корпорацияга қарашли Citibank банки ходимлари 2000 йилдан 2013 йилгача бўлган давр мобайнида ўз мижозларини алдаб, мижозлар даставвал фойдаланишни истамаган турли хизматлар учун улардан қўшимча ҳақ олганлар. Бундан ташқари, бир қатор ҳолатларда банк кредит карталари эгаларидан аслида кўрсатилмаган хизматлар учун ҳам ҳақ олинган.

Citigroup вакиллари ушбу қоидабузарликлар 2013 йилда тўлиқ тўхтатилганини айтишди. Улар бу тўловларни амалга ошириш учун маблағлар олдиндан захира сифатида сақлаб қўйилганини таъкидлашмоқда.

Citigroup ва регулятор ўртасида келишувга эришилгани ҳақида маълумот олингандан кейин корпорация акциялари фонд биржаларида 28 центга (0,5 фоиз) қимматлашиб, 59,12 долларни ташкил қилди.

Кўпроқ янгиликлар