Audi ўзининг кучли TT купесини “механик” узатмалар қутисиз чиқаради

Технология 22 Июль 2015 2790

Audi компанияси TT купесининг янги авлоддаги энг кучли модификацияси RS да механик узатмалар қутисидан фойдаланишдан воз кечмоқчи. Бу ҳақда Car and Driver нашри хабар бермоқда.

Аввалроқ BMW M GmbH бўлими раҳбари Франк ван Мил бавар компаниясида “қудратли” моделларда механик трансмиссияларга талаб камлиги туфайли келгусида уларда механик узатмалар қутисидан фойдаланишдан воз кечилиши мумкинлигини айтган эди.

Аввалги авлоддаги Audi TT RS модели Европада 6 поғонали “механика” ва иккита илашиш тепкисига эга 7 поғонали “автоматика” билан, АҚШ бозорида эса фақатгина механик узатмалар қутиси билан таклиф этилаётган эди.

Янги “қудратли” икки эшикли купе аввалроқ Audi RS3 Sport хот-хэтчида қўлланган модернизациялашган етти поғонали роботлаштирилган узатмалар қутиси билангина жиҳозланади.

Купе 360–400 от кучига эриша оладиган 5 цилиндрли 2,5 литрли турбомотор билан жиҳозланади. Янги авлод Audi TT RS машинаси 2016 йилда савдога чиқарилади. Янги автомобиль механик узатмалар қутисига эга BMW M2 билан рақобатлашади.

Кўпроқ янгиликлар