22 июль куни "Халқаро чемпионлар" кубоги турнири доирасида ўтказилган "Лос-Анжелес Гэлэкси" ва "Барселона" жамоалари учрашувини кўриш учун 92 минг 226 мухлис ташриф буюрди.

Associated Press нашрининг маълум қилишича, бу АҚШ Профессионал футбол лигасидаги клуб иштирок этган учрашувга ташриф буюрган мухлислар сони бўйича рекорд натижа ҳисобланади. 

Эслатиб ўтамиз, Калифорния штатидаги Пасаден шаҳрида ўтказилган ушбу учрашув каталонияликларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Қайд этиш жоизки, "Барселона" АҚШ сафарига ўзининг асосий футболчилари бўлмиш Месси, Неймар, Маскерано, Дани Алвес ва Клаудио Бравони олиб келмаган. Бу футболчиларга ўтган ойда ўтказилган Копа Америка турниридаги иштироки туфайли дам берилган.

"Лос-Анжелес Гэлэкси" билан ўйин "Барселона"нинг АҚШ сафаридаги илк ўйини бўлди. Жамоа 25 июль куни "Манчестер Юнайтед", 29 июль куни "Челси" ва 2 август куни "ПСЖ" жамоалари билан ўртоқлик учрашувлари ўтказади.

"Барселона"нинг Ла-лига янги мавсумидаги ўйини 23 август куни "Атлетик"ка қарши ўтказилади.