Муҳаммад Али исмли британиялик дастурчи интернет орқали одам ҳаёти учун жуда хавфли ҳисобланган рицин заҳарини сотиб олмоқчи бўлган, деб хабар бермоқда Associated Press ахборот агентлиги. Али ушбу заҳарни дастлаб ҳайвонларда синовдан ўтказиб, сўнгра у ёрдамида юзлаб одамларни ўлдирмоқчи бўлган.

Айбланувчи 500 мг заҳарни 500 долларга сотиб олиш учун АҚШда сотувчи топган. Бу одам аслида Федерал қидирувлар бюроси ходими бўлган. ФҚБдан Алига кўриниши рицинга ўхшаган оддий кукун юборилган.

Полиция Алининг компьютерида “рицини бор йигитга пул тўлаш”, “ўлдириш учун ҳайвон топиш” каби бандлари бўлган рўйхатни топган.

Али кимёвий қурол яратмоқчи бўлгани инкор этмоқда. Қайд этилишича, полиция йигитнинг террорчилик гуруҳлари билан алоқаси борлигини аниқлай олмаган.

Аввалроқ америкалик бир аёл АҚШ президенти Барак Обамага рицин солинган мактублар жўнатгани учун 18 йил озодликдан маҳрум этилган эди.