Google, Facebook, eBay, Dell, HP ва бошқа компаниялар патентларнинг бузилиши масаласида Apple ва Samsung ўртасида олиб борилаётган суд ишида охиргисини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда Inside Sources портали хабар бермоқда.
Компаниялар “суд дўсти” мактубини юборишди. Яъни улар кўриб чиқилаётган масала бўйича мустақил, нейтрал томон сифатида маслаҳат ва таклифлари ифодаланган мактубни тайёрлашди. Унда компаниялар Apple патентларини бузганлик учун Samsung’нинг даромадидан улуш тўлаши кераклиги ҳақидаги суд қарорини қайта кўриб чиқишни сўрашди.
“Бу қарор тескари натижаларга олиб келади ва ҳар йили янги мураккаб технологиялар тадқиқоти учун миллиардлаб долларлар тўлайдиган компанияларга салбий таъсир ўтказади”, – дейилади мактубда.
Экспертларнинг фикрича, кўплаб унсурлар ва дастурий таъминотдан иборат смартфонлар ва ақлли телевизорларнинг табиати шу қадар мураккабки, уларни патентлашдай ягона юридик сатҳга келтириш қийин бўлади. Бу айниқса айрим дизайн унсурларига келганда яққол кўринади.
Эслатиб ўтамиз, 2012 йили суд қарори билан Samsung Apple’га патентларини бузганлиги учун 930 млн доллар тўлайдиган бўлган эди. 2015 йилнинг 18 май куни АҚШ апелляция суди ишни қайта кўриб чиқиб, жаримани 548 млн долларга туширган эди.