Москва метросида поезд вагонлари эшикларининг ёпилишига халақит берувчи йўловчилар жаримага тортилади, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги.

Москва мэри ўринбосари Максим Ликсутовнинг айтишича, поездларнинг жўнашига халақит қилувчи ва вагон эшикларини ушлаб турувчи йўловчилар маъмурий ҳуқуқбузарларга тенглаштирилади.

Москва метросидан фойдаланиш қоидаларига тегишли ўзгартиришлар Москва ҳукумати президиуми йиғилишида киритилди.

Ликсутовнинг айтишича, энди вагонга эшикларнинг ёпилиши ҳақида ёруғлик ва овозли сигнал берилгандан кейин кириш тақиқланади. “Баъзилар сўнгги лаҳзада вагонга сакраб чиқадилар, эшикларни ушлаб турадилар ва энди бундай ҳолатлар метродан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши сифатида қабул қилинади”, деб айтмоқда Ликсутов. Энди бундай хатти-ҳаракатларни амалга оширган йўловчиларга минг рубль миқдорида жарима солинади. Бундай қоидабузарликларни расмийлаштириш билан станцияда навбатчилик қилаётган полиция ходимлари шуғулланади.