Польшанинг Воломин шаҳридаги “Ҳунармандлар ва деҳқонлар кооператив банки” анжуманлар залида Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқларининг инвестицион салоҳияти тақдимоти бўлиб ўтди.

Воломин повяти (маъмурий-ҳудудий бирлик) раҳбарияти ва Ўзбекистоннинг Варшавадаги элчихонаси томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда бурмистрлар, посёлкалар раҳбарлари, ушбу туман аъзолари иштирок этдилар.

Воломин повяти 1999 йилдаги маъмурий ислоҳотлар давомида таъсис этилган. У 7 шаҳар ва 5 посёлкадан ташкил топган. Ҳудуди 955,37 кв км ни, аҳолиси 230 мингдан кўпроқ кишини ташкил этади. Повят Варшава билан чегарада жойлашган.

Учрашувда иштирокчилар Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларидаги ютуқлари, мамлакатдаги 2014 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш натижалари ва 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари билан батафсил танишдилар. Тақдимот давомида Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий тармоқлари, яратилган инвестицион муҳит ва мақбул шароитлар, республикада хорижий инвесторларга берилган кафолатлар ва имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Тақдимот давомида Воломин повяти активи ўзбекистонлик ҳамкорлар билан савдо-иқтисодий, инваестицион, туристик, маданий-маънавий ва илмий соҳаларда ҳамкорликни ўрнатиш ва ривожлантиришга қизиқиш билдирдилар.

Учрашув тугагандан кейин Польшанинг “Ҳунармандлар ва деҳқонлар кооператив банки” бошқарув раиси Я. Вайно Ўзбекистон катта иқтисодий салоҳиятга эгалигини таъкидлаб ўтди. Шу муносабат билан Вайно Польша-Ўзбекистон қўшма лойиҳаларини молиялаштиришга қизиқиш билдирувчи Ўзбекистон банклари билан ҳамкорликни ўрнатишга тайёрлигини билдирди.