Қозоғистоннинг Қарағанда шаҳрида истиқомат қилувчи, ОИТС касалига чалинган киракаш ушбу хасталикни бошқаларга ҳам юқтиришга қарор қилди. Бунинг учун у аёллар билан танишиб, улар билан жинсий алоқага киришган. Бу ҳақда маҳаллий 31 канал хабар берди.
Айтилишича, шаҳардаги ОИТС марказига мурожаат қилган бир талай аёллар айнан бир эркак ҳақида гапириб бергани шифокорларнинг шубҳасига сабаб бўлган. Кейинчалик эркак буни атайлаб қилгани аниқланди.
Шунга қарамай, полициячилар ҳозирча уни жиноий жавобгарликка торта олмайди, негаки аёллардан ҳеч бири унинг устидан расмий шикоят аризаси ёзмади.
Эркак ўз хасталиги ҳақида билган, аммо даволанишдан бош тортиб, гиёҳванд моддалар истеъмол қилишда давом этган. Тирикчилик мақсадида у киракашлик билан шуғулланган ва йўлда кўплаб аёллар билан танишган. Ҳатто улардан иккитаси билан турмуш қуришга ҳам улгурган. Биринчи аёл билан 2010 йилдан, иккинчиси билан эса 2014 йилдан бирга яшаб келган.