Қирғизистонда фарзандлари Сурия ва Ироққа кетиб қолган ота-оналар уларни ортга қайтаришда ёрдам сўраб ҳукуматга мурожаат қилди.
“ИШИД таркибида бўлган 421 фуқаромиздан 90 фоизи мамлакатнинг жанубий қисми вакилларидир”, – деди ИИВ вакили Женгиш Аширбаев.
Жумладан, июнь ойида Ўш вилоятидан 5 киши Туркия орқали Сурияга ўтиб кетди.
23 ёшли Дилором Абдураҳмонованинг 56 ёшли онаси Муҳаббат Абдураҳмонова ўз хавотирини билдириб ҳукумат вакилларига мурожаат қилди.
“Дилором хорижда тикув цехида ишларди. Февраль ойида у менга қўнғироқ қилиб, эри ва икки боласи билан Туркияга кетаётганини, у ерда яхшироқ иш топганини маълум қилди. Шундан буён у ҳақда ҳеч нарса эшитмадим, аммо у оиласи билан Сурияга ўтиб кетганини сезиб турибман”, – дейди кекса аёл.
Аширбаев берган маълумотларга қараганда, айни кунларда Сурияда қирғизистонлик 49 оила истиқомат қилмоқда.
Ҳукумат бу жараённи тўхтатиш мақсадида турли чоралар кўрмоқда. Ўтказилган тадбирларда ва тушунтириш ишларида ёшлар экстремистик гуруҳларнинг “реклама”сига учмасликка чақирилмоқда. Бундай гуруҳлар фаолиятига аралашиб қолганлар қаттиқ жазоланмоқда.