Қорақалпоғистон Республикасида 2015 йилнинг ўтган ярми давомида 20 та божхона қоидабузарликлари аниқланиб, 800 дона таблетка ва 7 та ампула кўринишидаги турли психотроп дори воситаларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди. Бу ҳақда Telegraf.uz нашри хабар берган.

Хабарда айтилишича, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан Россия Федерациясидан кириб келаётган йўловчи поезди вагонларини божхона кўригидан ўтказиш чоғида фуқаронинг йўловчи божхона декларациясида маълум қилмасдан туриб, 7 дона  “Феназепам” ҳамда 25 дона “Клоназепам” номли психотроп таблеткаларни ҳеч қандай ҳужжатларсиз олиб киришга урингани фош этилди.

Мазкур поездининг яна бир йўловчиси эса 20 дона “Феназепам” психотроп дори воситаларини яширин равишда олиб киришга уринди. “Довут-ота” чегара божхона пости ходимлари томонидан Қозоғистондан пиёда кириб келган фуқаронинг қинғир қилмишларига нуқта қўйилди. Бу шахс йўловчи божхона декларациясида кўрсатмаган ҳолда 59 дона “Феназепам” психотроп таблеткаларини ҳеч қандай ҳужжатларсиз олиб киришни кўзлаган эди.