Россиянинг Владимир вилояти Ковров шаҳри суди 84 ёшли стоматолог аёлни 5 ёшли қизчанинг сут тишини муваффақиятсиз олиб ташлагандан кейин унинг ўлимига сабабчи бўлганликда айбдор деб топди, деб хабар бермоқда Владимир вилояти тергов бошқармаси.

Вафот этган қизча Ковровда вақтинчалик яшаган ўзбекистонлик оиланинг қизи бўлган. 2015 йилнинг 1 январида қизчанинг тиши оғриб қолган, унинг ота-онаси ўз танишлари орқали 60 йил стоматология соҳасида ишлаган пенсионер аёлни топишган. Аёл ўз уйида рухсатномасиз ва сертификатсиз стоматологик ёрдам кўрсатган.

3 январь куни стоматолог аёл 5 ёшли қизчани текширганда оғиз бўшлиғининг жуда қаровсиз ҳолда эканлигини қайд қилиб, профессионал асбоб ёрдамида анестезия киритгандан кейин, қизчанинг йиринглаб кетган тишини олиб ташлаган. Қизча уйига келгандан кейин бироздан ўтиб, ҳушини йўқотган. Воқеа жойига зудлик билан етиб келган “Тез тиббий ёрдам” мутахассислари қизчани шифохонага олиб кетишган.

Маҳаллий шифохонанинг жонлантириш бўлимида қизчада сепсис ва мия шиши ташхиси қўйилган. Қизчага тегишли ёрдам кўрсатилганига қарамасдан, у 4 январда вафот этган. Эскпертларнинг хулосасига кўра, қизча инфекцион-токсик карахтликка олиб келган келиб чиқиши номаълум бўлган шиддатли кечган сепсис оқибатида вафот этган.

Пенсионер аёл ҳаёт ва мижоз соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатишда айбдор деб топилиб, 100 минг рублга жаримага тортилди.