Carscoops нашрининг ихтиёрига янги авлоддаги Mazda CX-9 кроссоверининг жосуслик суратлари келиб тушди. Машинанинг ниқобланган синов прототипи йўлдаги синовлар пайтида суратга олинди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, машина 2,5 литрли 300 от кучига эга турбомотор билан жиҳозланади.

Бу двигатель янги авлоддаги Mazda3 MPS хот-хэтчида ҳам ишлатилади. Бу машинанинг илк намойишиа жорий йилнинг сентябрида Франкфурт автосалонида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Аввалроқ Mazda CX-9 авлодлар алмашинувида 6 цилиндрли атмосферали двигателидан маҳрум бўлиб, унинг ўрнига “турботўртлик” келиши айтилганди.

Суратларга кўра, автомобиль ўлчамлари катталашади, ташқи кўриниши KODO номли “Мазда”нинг жорий моделлари услубида бажарилади. Хусусан, машинанинг олдинги қисми шакли CX-5 ихчам кроссоверидан олинган. Янги авлоддаги CX-9 модели ҳақида бошқа маълумотлар ҳозирча берилмаган. Тахминларча, машинанинг кўрсаткичлари ҳақидаги маълумотлар йил охирига келиб ошкор этилади, сотувга эса 2016 йилнинг 1-чорагида чиқарилади.

Mazda CX-9 2006 йилдан бери ишлаб чиқарилади. Автомобиль 2010 йилда рестайлинг қилинган.