“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК самолёт-мотор паркини бир хиллаштириш мақсадида 12 та самолёт, 6 та авиадвигатель ва бошқа қурилмаларни сотувга қўйишини эълон қилди. Бугунги кунда ушбу техникалар фойдаланишдан чиқарилган ва махсус жойларда сақланмоқда.

Компания матбуот хизматининг маълум қилишича, 2 та Як-40 самолёти (290 020 ва 138 090 доллар), 4 та Ту-154М (2 124 00 доллардан), 6 та Ил-76ТД юк самолёти (2 701 770 дан 1 424 010 долларгача нархда) сотувга қўйилган.

Бундан ташқари, турли самолётлар моделлари учун мўлжалланган 6 та авиадвигатель ҳам сотилмоқда.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК Ўзбекистонда тўлиқ давлат назоратида бўлган ягона авиаташувчи ҳисобланади. Компаниянинг авиапарки 33 та хорижий самолётга эга: 15 та Boeing (10 та 767-300 ва 5 та 757-200), учта А-310, 10 та А-320, учта ўрта магистралдаги RJ-85 ва 2 та А300-600F юк самолёти.

Компания Европа, Америка, Яқин Шарқ, Осиёнинг 21 та шаҳарига, МДҲнинг 22 та шаҳарига ва маҳаллий линиялар бўйича 11 та йўналишда рейслар амалга оширади.