АҚШнинг Пенсильвания штатида истиқомат қилувчи жуфтлик – Женн ва Фил Томпкинслар мижозларга товуқларни ижарага олишни таклиф қилмоқда. Бу мамлакатда тухум нархининг ошиши шароитида яхши таклиф сифатида баҳоланмоқда.

Reuters агентлигининг ёзишича, жуфтлик ўз бизнесини 2013 йили йўлга қўйган. Айни пайтда 200 нафар мижоз ушбу таклифдан фойдаланишга улгурди.

RentTheChicken.com лойиҳасига бўлган қизиқиш тухум нархининг ошиши натижасида ортиб бормоқда. Июнда нархлар миллионлаб товуқларнинг қирилишига олиб келган парранда гриппи туфайли 85 фоизга ошди.
Ижара нархи ўртача 400 долларни ташкил қилади. Бу мижоз яшайдиган жойнинг узоқ-яқинлигига қараб белгиланади. Томпкинслар иккита тухум қилувчи товуқни 4-6 ойга, шунингдек, катак таклиф қилишади. Товуқлар одатда ҳафтасига 8-14та тухум қўяди. Ижара даври тугагач, мижозлар товуқни сотиб олиши ёки қайтариб бериши мумкин бўлади.