Бухоро шаҳридаги "Махсусавтохўжалик" МЧЖ жамоаси маиший чиқиндиларни қайта ишлаш орқали биогаз ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Бу ҳақда "Народное слово" нашрида ёзилган.

Ташкилот раҳбари Саид Кенжаевнинг маълум қилишича, автохўжалик томонидан 3 млрд сўмлик лизинг эвазига чиқиндлиларни ташиш учун 19та ISUZU ҳамда MAN ва HOWA русумли автомашиналар сотиб олинган.

"Шунингдек, 1 млрд сўм 55та металл контейнерлар хариди учун сарфланди. Ҳар куни 37 нафар ишчи махсус техникалар орқали шаҳардаги 65та маҳалла ҳудудидан 350 минг кубометр маиший чиқиндиларни йиғиб келишади. Айни вақтда кўп қаватли бинолар жойлашган туманларда 80та махсус чиқиндихоналар ташкил этилган. 26та чиқиндихона таъмирланган ва 36таси тайёрланмоқда", дейди Саид Кенжаев.

У шунингдек, харажатларни қисқартириш мақсадида транспорт воситаларида метандан фойдаланишини таъкидлаб ўтган.

"Шу вақтда машиналарнинг 9таси метан гази билан ҳаракатланмоқда. Тезкор ишлашни таъминлаш учун машиналарга GPS тизими ўрнатилган", дейди раҳбар.